Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд шаҳрида 10 ноябрь куни БМТ шафелигида «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзусида халқаро конференция бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Давлат раҳбари Марказий Осиёни барқарор ва иқтисодий ривожланган минтақага айлантириш, улкан ҳудудда тинчлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича долзарб ташаббусларни илгари сурди.
Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган мазкур форум Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қўллаб-қувватланди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш конференция иштирокчиларига мурожаат йўллаб, унинг алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Анжуманда Антониу Гутерришнинг видеомурожаати намойиш қилинди.
БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Мирослав Енча, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Федерика Могерини Марказий Осиё муҳим минтақа экани, бу ҳудуд барқарорлиги ва тараққиёти бутун дунёга таъсир кўрсатишини таъкидлади.
Қозоғистон ташқи ишлар вазири Қайрат Абдраҳмонов Қозоғистон Ўзбекистон ташаббусларини қўллаб-қувватлашини, хусусан, Остона шаҳри Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган Марказий Осиё давлат раҳбарлари маслаҳатлашувининг биринчи саммитини келгуси йил Наврўз байрами арафасида қабул қилишга тайёр эканини таъкидлади.
Қирғизистон ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев ушбу конференция ўта долзарб масалаларга қаратилгани ва ўз вақтида илгари сурилганини қайд этди.
Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов ушбу халқаро конференция кўп томонлама фикр алмашиш, ўзаро мувофиқ ёндашувлар ишлаб чиқиш ва минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг конференция иштирокчиларига қутлови ҳамда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги фикрларини етказди.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Томас Гремингер, Туркия иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи, Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф, Афғонистон ташқи ишлар вазири Салоҳуддин Раббоний, БМТ Бош котиби ёрдамчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий бюроси директори Жиҳан Султаноглу, ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси — ижрочи котиби Сергей Лебедев, Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Панкин, Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Вижай Кумар Сингх, БМТ Бош котибининг махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман ва бошқалар сўзга чиқди.
Халқаро конференция шўъба мажлисларида давом этди. «Минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш», «Сувдан фойдаланиш ва экология соҳасидаги ҳамкорлик» мавзуларида маҳаллий ва хорижлик олимлар, нуфузли экспертларнинг таҳлилий маърузалари эшитилди ва муҳокама қилинди.
Форум 11 ноябрь куни ўз ишини давом эттиради. Унинг доирасида «Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш» ҳамда «Барқарор тараққиётга таҳдидларга қарши курашишда халқаро ҳамжамиятнинг Марказий Осиё мамлакатларига кўмаги» мавзуларида шўъба мажлислари бўлиб ўтади.