Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни Самарқанд вилояти Паяриқ туманидаги Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Хабарномада айтилишича, ташриф доирасида ўтганлар хотираси ёд этилиб, Қуръон тиловат қилинди.
Давлат раҳбари ташаббуси билан ушбу мажмуа қошида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази барпо этилмоқда. Президент Имом Бухорий мажмуаси, халқаро илмий-тадқиқот маркази ва ҳудудда жойлашадиган бошқа инфратузилма иншоотлари концепцияси билан танишди. У марказ концепциясида зиёратчиларга қулайликлар яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
Мажмуа ҳудудида чойхона, савдо шохобчалари, фаввора ва бошқа зарур объектлар қуриш режалаштирилган. Икки ён томонда ландшафт дизайни асосида маҳаллий шароитга мос бутазор ва гулзорлар ташкил этиш мўлжалланган.
Давлат раҳбари марказ қурилишини замонавий ва миллий меъморлик анъаналарини уйғунлаштирган ҳолда амалга ошириш, бунёдкорлик ишларида сифатли қурилиш материалларидан фойдаланиш, ҳудудда зиёрат туризмини кенг йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш юзасидан мутасаддиларга тавсиялар берди.
Изоҳ (0)