Европа Лигаси гуруҳ босқичида 4-тур беллашувларига якун ясалди. Унга кўра, мавжуд 12 та гуруҳнинг 5 тасида навбатдаги босқичга йўл олган жамоа бор. Аслида плей-оффга жами 24 та жамоа чиқиб келиши керак.
«B» гуруҳида кураш олиб бораётган Киевнинг «Динамо» клуби Швейцарияда «Янг Бойз» меҳмони бўлиб, 70-дақиқада урилган гол сабаб зафар қучди. Шу тариқа очколари сонини 10 тага етказиб олган «динамочилар» плей-офф йўлланмасини қўлга киритди. Сербиянинг «Партизан» клуби 5 очко билан гуруҳда иккинчи, «Янг Бойз» эса бор-йўғи 3 очкога эга.
Руминиянинг «Стяуа» клуби ҳам дастлабки 4 та турда 10 очко жамғаришга эришди ва бу плей-офф учун етарли бўлди. 4-турда Исроилнинг «Хапоэль Б-Ш» клубини қабул қилган руминлар 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Чехиянинг «Виктория» клуби 6 очко билан гуруҳда иккинчи.
Лондоннинг «Арсенал» клуби гуруҳ босқичидаги дастлабки 3 та ўйинда 9 очкога эга чиққанди. Арсен Венгер шогирдлари 4-турни Emirates’да ўтказиб, Сербиянинг «Црвена Звезда» клубини таслим қила олмади — 0:0. Шунга қарамай, гуруҳдан чиқиш учун 10 очко кифоя қилди. Серблар 5 очко билан зонада иккинчи бўлиб турибди.
Италия А серияси мавсумини кўнгилдагидек ўтказаётган Римнинг «Лацио» клуби халқаро аренада ҳам бир текис ўйинлар намойиш этмоқда. Европа Лигаси гуруҳ босқичида фақатгина «Лацио» йўқотишларсиз бораётган жамоа бўлиб турибди. Франциянинг «Ницца» клубини такрорий ўйинда ҳам таслим қилган «Лацио» нафақат навбатдаги босқичга йўл олди, балки гуруҳни пешқадам сифатида якунлаши ҳам аниқ бўлиб улгурди.
Ва ниҳоят, «Л» гуруҳида Санкт-Петербургнинг «Зенит» клуби ўзини кўрсатди. Роберто Манчини жамоаси кеча Норвегияда «Русенборг» билан дуранг ўйнади — 1:1. Шу тариқа 4 очкоси билан норвегияликлар плей-оффдан умидини узди. Гуруҳда иккинчи бўлиб турган «Реал Сосьедад» ҳисобида 9 очко борлиги инобатга олинса, келаси турларда «Русенборг» айнан испанларнинг оёқиғидан тортиб қолишга уриниб кўради.
Изоҳ (0)