Тошкент вилоятида «Оҳангаронцемент» АЖ базасида энергия тежовчи «қуруқ» йўл билан цемент ишлаб чиқарувчи завод қурилади. Унинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 3 миллион тоннани ташкил этади, деб хабар беради «Газета.uz».
Лойиҳа реализацияси тартиби ҳақидаги келишув Ўзбекистон ва Россия бош вазирлари иштирокида 2 ноябрь куни «Ўзқурилишматериаллари» бошқаруви раиси Ботир Зарипов ва «Евротцемент груп» директорлар кенгаши раиси Филарет Гальчев томонидан имзоланди.
Янги завод минтақада шу турдаги энг йирик корхона бўлиб, Европа ишлаб чиқарувчиларининг илғор технологик асбоб-ускуналари билан жиҳозланади.
Тендер якунларига кўра пудратчи сифатида Beijing Triumph International Engineering Co. (ХХР, CNBM таркибига киради) танлаб олинди. У лойиҳалаштириш, қурилиш, асбоб-ускуна етказиб бериш, тайёрлаш ва монтаж қилиш, персонални ўқитиш ишларини амалга оширади. Хитой компанияси билан тузилган шартнома қиймати 160 миллион доллардан ошади. Лойиҳа 2020 йилгача амалга оширилади.
«Оҳангаронцемент»нинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 2 миллион тонна цементни ташкил этади. Корхона таркибига Тошкентнинг Сергели туманидаги қурилиш материаллари ва конструкциялари комбинати киради.
Изоҳ (0)