Amazon интернет-дўкони асосчиси Жефф Безос, Microsoft асосчиси Билл Гейтсни ортда қолдиргани ҳолда, жаҳонинг энг бадавлат одамлар рўйхатида биринчи ўринга чиқиб олди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар бермоқда.
Bloomberg ва Forbes ахборотига кўра, бир сутка ичида Жефф Безоснинг бойлиги 10 миллиард долларга кўпайган. Бу Amazon’нинг чорак якунлари бўйича ҳисоботи эълон қилингач юз берган.
Чорак ҳисоботига кўра, Amazon’нинг ривожланиш кўрсаткичлари таҳлилчиларнинг тахминларидан сезиларли юқори чиққан. Натижада интернет-дўкон акциялари қиймати 13 фоизга кўтарилган.
Bloomberg маълумотларига кўра, айни вақтда Жефф Безоснинг бойлиги 93,8 миллиард долларни ташкил этади. Forbes эса бизнесменинг давлатини 93,1 миллиард долларга баҳоламоқда.
Жефф Безос июль ойида ҳам жаҳоннинг энг бадавлат одамига айланган эди, бироқ бу мақомни қўлга киритганидан бир соат ўтиб, Билл Гейтс ундан яна ўзиб кетган эди.
Изоҳ (0)