Ҳаракатлар стратегияси реализацияси бўйича давлат дастурига мувофиқ ишга жойлашишнинг янги шаклларини қонунчиликка жорий этиш борасида ишлар олиб борилмоқда, деб хабар беради Norma.
Жумладан, Ўзбекистонда туриб чет эл иш берувчилари билан шартнома асосида ишлайдиган (масофавий ишга жойлашиш) фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш режалаштирилмоқда.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ишнинг бундай тартиби Ўзбекистонда борган сари кенгроқ тарқалаётганини таъкидламоқда. Шу боис кун тартибига бу фуқароларни ижтимоий суғурталаш, меҳнат стажини бериш ва солиқ тўлашни тартибга солиш кун тартибига чиқмоқда.
Экспертлар келажакда (масалан, давлат пенсияси белгиланишида) муаммолар чиқмаслиги учун ишчиларнинг бундай категориясини солиқ тўлаш ва социал тўловларга рағбатлантириш лозим деб ҳисобламоқда.
Вазирлик томонидан Меҳнат кодексига киритилиши кўзланган ўзгартишлар ишлаб чиқилди. Улар масофавий ишнинг ўзига хосликларини — ишга қабул қилиниш ва меҳнат фаолияти шароитлари, меҳнат стажини ҳисоблаш механизмлари ва электрон меҳнат китобчасини юритиш кабиларни инобатга олади.
Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгач, у муҳокама учун ҳуқуқий ахборот порталига жойлаштирилади.
Изоҳ (0)