Россиянинг Свердловск вилояти Серов шаҳрида 25 октябрга ўтар кечаси барак типидаги турар-жойда юз берган ёнғин оқибатида беш киши, жумладан икки нафар бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда Свердловск полицияси матбуот хизмати раҳбари Валерий Горелих маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
«Серов шаҳри Сосьвинский кўчасидаги барак типидаги 34-уйнинг бир хонали 1-квартирасида 00:45 да ёнғин юзага келди, том қулаб тушди. Ёнғин ўчирилгандан сўнг 02:30 да вайроналар остидан квартира эгаси 1986 йил туғилган аёл ва унинг 2006 ва 2015 йилларда туғилган икки қизи, шунингдек, ҳалок бўлган аёлнинг икки қўшниси жасади топилди», — дейди Горелих.
Унинг сўзларига қараганда, ёнғин электр узатиш сими қисқа туташуви ёки ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш оқибатида юзага келган бўлиши мумкин. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)