Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг бўлажак ўн иккинчи мажлиси доирасида 24 октябрь куни Ўзбекистон Олий суди раиси К. Комилов билан Қозоғистон Олий суди раиси Қ. Мамининг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ва кенг кўламли ҳамкорлик барча йўналишда, жумладан, суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. Икки давлат раҳбарларининг мунтазамлик касб этган учрашувларида эришилган келишувлар бунда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбирда икки давлат Олий судлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Мазкур ҳужжат икки мамлакат суд ҳокимияти олий органлари ўртасида ҳамкорлик ва ўзаро англашувнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Меморандум доирасида суд тизимини инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим институти сифатида такомиллаштиришни илмий-таҳлилий ҳамда ахборот жиҳатидан таъминлаш орқали суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга оширишга кўмаклашиш билан боғлиқ тадбирлар кўзда тутилган.
К. Комилов шу куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг ўн иккинчи мажлисида иштирок этиш учун мамлакатга келган Тожикистон Олий суди раиси Ш. Шоҳиён ва Қирғизистон Олий суди раиси А. Тоқбаева билан ҳам учрашувлар ўтказди.
Тадбирлар давомида меҳмонларга Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш борасида изчил олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот берилди. Томонлар келгусида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, соҳада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, мунтазам тажриба алмашиб туришдан манфаатдор эканини қайд этди.
Изоҳ (0)