Мўғулистоннинг Отгонтэнгэр тоғ ҳудудида бедарак йўқолган альпинистлар қидирилмоқда, деб ёзади «Казинформ».
Отгонтэнгэр Хангай тоғ ҳудудининг энг баланд тоғи бўлиб (денгиз сатҳидан 4 021 метр баланд), муқаддас ҳисобланади.
22 октябрь куни фавқулодда вазиятлар бошқармасига Отгонтэнгэр тоғ чўққисига кўтарилаётган одамларнинг бедарак йўқолганлиги ҳақида хабар келиб тушган.
Спорт устаси Н.Суренжав раҳбарлигида 27 киши тоғ чўққисига кўтарилган. Улардан ўн нафари тоғ чўққисидан тушишга эришган. Қайтиш давомида қор кўчиши оқибатида 17 киши бедарак йўқолган. Кўриш чекланганлиги туфайли қидирув операцияси 23 октябрь, тонгги олтида бошланган.
Қидирув ишлари натижасида қутқарувчилар 3 200—3 450 метр баландликда ўн нафар йўқолган альпинист жасадини топган. Ҳозирги пайтда альпинистлар гуруҳининг қолган аъзоларини қидириш ишлари давом этмоқда.
Изоҳ (0)