«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси борт кузатувчиси лавозимига қизларни ишга таклиф қилмоқда. Бу ҳақда UzNews маълум қилди.
Номзодларга қўйилган талаблар орасида Ўзбекистон фуқаролиги, Тошкентда доимий ёки вақтинчалик пропискага эга бўлиш, 18–25 ёш орасида бўлиш, давлат тилидан ташқари, рус ва инглиз тилини билиш, камида ўрта махсус таълимга эга бўлиш кабилар бор.
Бундан ташқари, стюардессаларнинг ташқи кўринишига махсус талаблар қўйилмоқда. Уларнинг бўйи 162–175 сантиметр орасида бўлиши, вазни бўйига мос бўлиши, қадди-қомати пропорсионал бўлиши, юзи ва тана қурилишида кўзга ташланадиган нуқсонлар бўлмаслиги лозим. Ниҳоят, стюардессаларда сариқ ёки оқ металлдан тиш коронкалари бўлмаслиги, нутқда камчиликлар кузатилмаслиги, соч турмаги чиройли бўлиши талаб этилмоқда.
Саралаш чоғида номзодларнинг Ўзбекистон тарихи ва географиясини, тарихий обидаларини, тарихий шахслар ва миллий қаҳрамонлар таржимаи ҳолини яхши билишига эътибор қаратилади.
Ҳужжатлар 10 ноябрь санасига қадар қабул қилинади.
Изоҳ (0)