ФИФА президенти Жанни Инфантино ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов ва ташкилот Ижроқўми вакили Бобур Шодиевни The Best Football Awards маросимига таклиф қилди. Улар 23 октябрь куни Лондон мезбонлик қиладиган тақдирлаш кечасида расмий меҳмон сифатида иштирок этади.
Бир вақтнинг ўзида «Пахтакор» клуби президенти ҳам бўлган Бобур Шодиев ва Ўзбекистон футболи бошчиси Умид Аҳмаджонов ташриф давомида бир қатор мамлакатлар футбол федерациялари раҳбарлари билан учрашиб, фикр алмашишни режалаштирган. Улар орасида Англия Футбол Уюшмаси президенти Грег Кларк ҳам бор.
The Best соврини Ballon d’OR, яъни, «Олтин тўп» маросимининг ўрнига ишлаб чиқилган бўлиб, бир йил муқаддам унинг илк наъмунаси «Реал» футболчиси Криштиану Роналдуга насиб қилганди. Бунгача ФИФА ва France Football бир неча йиллар давомида «Олтин тўп»ни бирга ўтказиб келаётганди. 2016 йилги мавсумдан эътиборан эса Франция нашри ўзи алоҳида ажралиб чиқишни истади ва ўзи таъсис этган совринни олиб кетди. ФИФА эса унга муқобил тарзда The Best номинациясини жорий қилди.
Тадбирга илк бор Лондондаги «Палладиум» театри мезбонлик қилади. Унда дунё футболининг энг олди кишилари ва юлдуз футболчилар меҳмон сифатида иштирок этади. ФИФА сайти ва ташкилотнинг YouTube расмий канали маросимни жонли трансляция қилади.
Изоҳ (0)