Ўзбекистон миллий терма жамоасининг икки етакчи футболчиси тўп сураётган БАА чемпионатида 5-тур беллашувлари бўлиб ўтди.
6 йил давомида «Аш-Шабаб» шарафини ҳимоя қилиб, янги мавсумни дебютант «Ажман» сафида бошлаган Азиз Ҳайдаров янги клубидаги илк голини урди. Мазкур гол «Ажман»га мавсумдаги илк ғалабани тақдим этди. Бунгача жамоа кетма-кет 4 та учрашувда имкониятни бой берганди.
Азиз Ҳайдаров «Ажман»нинг асосий фигураларидан бири ҳисобланади. У ортда қолган 5 та учрашувда асосий таркиб аъзоси сифатида майдонга чиқиб келди.
Сардор Рашидов тўп сурадиган «Ал-Жазира» эса мавсумни ишончли бошлай олмади. Унинг ҳисобида 5 та турдан кейин фақатгина 1 та ғалаба бор. Қатар Юлдузлар Лигасидан Сардор Рашидовни чақиртириб олган Амирлик чемпионатининг амалдаги чемпиони, турнир жадвалининг экваторидан ҳам пастроқда жойлашган.
Клубнинг голландиялик бош мураббийи Сардор Рашидовни ортда қолган 5 та учрашувнинг 2 тасидагина асосий таркибда кўришни истади. Ўзбекистонлик футболчи кейинги ўйинларда захирадан майдонга тушишни бошлади. Жумладан, голсиз дуранг билан якунига етган учрашувда ҳам Рашидов 70-дақиқага келиб ўриндиқдан кўтарилди.
«Ал-Жазира» БАА чемпиони сифатида 6 декабрь куни старт оладиган клублар ўртасидаги Жаҳон Чемпионатида иштирок этади. Кетма-кет икки ғалаба «Ал-Жазира»га Мадриднинг «Реал» клуби билан тўқнаш келиш имкониятини беради.
Изоҳ (0)