Туркиянинг «Бешиктош» клуби Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичини «Манчестер Сити» каби йўқотишларсиз давом эттирмоқда.
Бунга қадар Португалияда «Порту»ни, ўз майдонида Германия вице-чемпиони «Лейпциг»ни таслим қилган «Бешиктош» футболчилари, энди Франция чемпионини Монакода енгишга муваффақ бўлди. Бунда туркиялик футболчилар ўз иродасини намойиш эта олди.
Шу тариқа «Бешиктош» 9 очко билан гуруҳ пешқадами бўлиб турибди. Шенол Гунеш жамоаси плей-офф босқичи учун яхшигина қадам ташлаб бўлди. Кейинги уч турда қўлга киритиладиган 1 очко ҳам Туркиянинг амалдаги чемпиони учун етарли бўлиши мумкин. Эҳтимолий жиҳатдан «Бешиктош»да 9 очко билан ҳам гуруҳдан чиқиш имконияти бор.
Ўтган мавсум Чемпионлар Лигасида ярим финалга қадар етиб борган Франция чемпиони «Монако», жорий мавсум оқсашда давом этмоқда. Илк турда Германиядан 1 очко билан қайтган монаколиклар, ўз майдонларида ўтган кейинги икки турни бой бериб улгурди. Трансфер ойнасида бир қатор етакчи футболчиларини «Сити» ва «ПСЖ»га сотишга мажбур бўлган «Монако»нинг плей-оффга йўл олиши катта сўроқ остида.
Европа Чемпионлар Лигаси «G» гуруҳи. 3-тур 17 октябрь, сешанба
Изоҳ (0)