Англиянинг «Лестер» футбол клуби бош мураббий Крейг Шекспирни истеъфога чиқарганини маълум қилди.
Ёзда мутахассис ва клуб ўртасида 3 йиллик келишув имзоланганди. Орадан тахминан 3 ой вақт ўтиб, клуб раҳбарияти ўша келишувни бекор қилишга қарор қилди.
Сабаби «Лестер» АПЛнинг янги мавсумида 8 та ўйин ўтказиб, фақатгина 6 очко ишлай олди. У айни дамда турнир жадвалининг 18-поғонасида турибди.
Шекспир бош мураббий бўлгунига қадар италиялик Клаудио Раньерига ёрдам берган бўлиб, бу борада сенсацион равишда Англия чемпионлиги қўлга киритилишига ҳисса қўшганди. Бироқ келаси мавсумда Раньери ва «Лестер» хавфли зоналарда юравергани, жамоанинг таиландлик эгаларига ёқмади ва улар чемпион мураббийни истеъфога чиқарди.
Шекспир эса вақтинча бош мураббий постида «Лестер»ни АПЛда олиб қолди ва Чемпионлар Лигасида чорак финалга қадар етиб келди. Бироқ янги мавсум старти аввалгисидан катта фарқ қилмади.
Изоҳ (0)