Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Абадий Курдистон мухторияти атрофидаги вазиятни ўнглашда куч қўлламаслигини таъкидлаб ўтди. Бу ҳақда, курдларнинг «Рудау» телеканалига асосланиб, «Интерфакс» хабар бермоқда.
«Биз халққа қарши армиямизни ишлатмаймиз, курдлар ва бошқа фуқароларга қарши жанг қилмаймиз», — деди ал-Абадий.
Ироқ бош вазири, шунингдек, федерал ҳокимиятнинг асосий вазифаси мамлакат яхлитлигини ва конституцияга амал қилинишини таъминлаш эканлигини қўшимча қилиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, 25 сентябрь куни ўтказилган референдумда иштирок этган сайловчиларнинг 92 фоиздан кўпроғи Ироқ Курдистонининг мустақил бўлишини ёқлаб овоз берган эди. Ҳозирда Ироқ ҳукумати мамлакат яхлитлигини сақлаб қолиш устида ишламоқда.
Изоҳ (0)