Россия мундиали учун кураш олиб борган Европа мамлакатлари саралаш ўйинларини якунлаб берди. Унга кўра, Англия, Испания, Германия, Франция, Бельгия, Португалия, Сербия, Польша, Исландия каби мамлакатлар Россиядаги Жаҳон Чемпионатида иштирок этадиган бўлди.
Саралаш ўйинлари 9 та гуруҳда бўлиб ўтди. Уларда 2-ўринни қўлга киритган жамоалар энди плей-офф ўйинларини ўтказади. Ғолиблар мундиал чиптасига эга чиқади.
9 та гуруҳ якунларига кўра, 2-ўринни қўлга киритган мамлакатлар орасида энг паст кўрсаткични Словакия қайд этгани аниқ бўлди. Шу боисдан, Словакия ҳам Россиядаги Жаҳон Чемпионатига бормайдиган бўлди. Швейцария, Италия, Дания, Хорватия, Швеция, Шимолий Ирландия, Греция ва Ирландия эса плей-офф ўйинларида иштирок этади.
Регламентга кўра, плей-офф ўйинларига қуръа ташлаш маросими 17 октябрь куни бўлиб ўтади. Бунда ФИФА рейтингига эътибор қаратилиб, жамоалар 2 та саватга бўлинади. Рейтингда тепароқда турган 4 та жамоа биринчи, қолган тўрттаси иккинчи саватчадан жой олади. Табиийки, 1 та саватдаги жамоалар бир-бирига рақиб бўлмайди.
Плей-оффнинг илк учрашувлари 9—11 ноябрь кунлари бўлиб ўтади. Жавоб учрашувлари эса 12—14 ноябрь саналарига тайин қилинган.
Изоҳ (0)