Россиянинг Владимир вилоятидаги темирйўл кесишмасида 6 октябрь куни юз берган автобус ва поезд тўқнашуви оқибатида ҳалок бўлган 16-ўзбекистонликнинг шахси аниқланди.
Шундай қилиб, «Интерфакс»нинг Владимир вилояти маъмуриятига асосланиб хабар беришича, Владимирдаги ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлган 17 кишининг барчасининг шахси ва фуқаролиги аниқланди.
«Ҳозирги вақтда эркак кишининг жасадини ватанига юбориш юзасидан тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш жараёни олиб борилмоқда», — деди Владимир вилояти маъмурияти вакили.
Хабарда ЙТҲ қурбони бўлган Ўзбекистон фуқаросининг исми-шарифи айтилмаган. Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати ҳозирча ахборот бергани йўқ.
ЙТҲ оқибатида 17 киши — 16 ўзбекистонлик ва бир қозоғистонлик ҳалок бўлган, уч киши оғир аҳволда касалхонага ётқизилган эди. 36 ўзбекистонлик махсус самолёт билан ватанга қайтарилган эди.