Тошкентда фуқароларни Жанубий Кореяга юбориш баҳонасида пулини ўзлаштирган фирибгар аёл ушланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилди.
«29 июль куни муқаддам судланган Мусинова Озода Толибовна ўзганинг мулкини алдов ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида Миробод тумани ҳудудида Азимов Мўминжон Мақсудовичнинг ишончига кириб, уни Корея Республикасига ишлашга юборишни ваъда қилиб, 1500 доллар миқдоридаги пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган», — дейилади хабарномада.
Ҳолат юзасидан ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик, яъни ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилди ва Мусиновани ушлаш чоралари кўрилди.
Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тергов-тезкор тадбирлар натижасида Мусинова аниқланди ва ушланди.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.
Изоҳ (0)