Испания Ла Лигасининг 7-туридан жой олган «Барселона» — «Лас-Пальмас» ўйини қолдирилиши мумкин. Учрашув бугун — 1 октябрь куни Тошкент вақти билан 19:15 да старт олиши керак эди.
1 октябрь санаси Каталонияда мустақиллик референдуми куни бўлгани сабабли, шаҳарда ғала-ғовур авжида. «Championat.asia» нашрининг Cadena Cope’га асосланиб маълум қилишича, сайлов участкаси сифатида фаолият олиб бораётган мактабларнинг бирида отишма рўй берган ва 4 киши жароҳатланган. Қуролланган шахс пневматик ўқ отиш мосламасидан фойдалангани айтилган.
Аввалроқ Каталония полицияси сайловчиларни куч билан тарқатаётгани айтилган бўлиб, Испания ҳукумати референдум қонуний асосга эга эмаслигини таъкидлаётганди. Мазкур воқеалар сабаб «Барселона» Ла Лига раҳбариятидан «Лас-Пальмас»га қарши учрашувни қолдиришни сўраб мурожаат қилган.
Бунгача «Лас-Пальмас» мухлислари Каталониянинг бош аренаси бўлган «Камп Ноу»га Испания байроғи туширилган футболкаларда чиқиб келиши айтилганди.
Изоҳ (0)