Каталонияда ҳудуднинг Испаниядан мустақиллиги масаласида референдум бошланди. Овоз бериш жараёни маҳаллий вақт билан 20:00 гача (Тошкент вақти билан 23:00 гача) давом этади, дея хабар бермоқда «Коммерсантъ».
Мухтор вилоят раҳбарияти фуқароларга исталган сайлов участкасида овоз беришга рухсат этди. Овоз бериш жараёнини кузатиб бориш учун махсус мобил дастур ишлаб чиқилган.
Испания ҳукуматига бўйсунувчи полиция кучлари 1 октябрга ўтар кечаси референдум бўйича овоз бериш участкалари жойлашиши лозим бўлган аксарият биноларни ёпиб қўйганди.
Кеча ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари тарғибот материаллари ва сайлов бюллетенларини мусодара қилган, яшириб қўйилган сайлов урналарини қидирган, шунингдек, мустақилликни қўллаб-қувватлаб тарғибот олиб борувчи сайтларни блоклаган эди.
Испания Конституциявий суди 20 сентябрь куни мазкур плебисситнинг ўтказилишини тақиқлаган эди. Испания ҳукумати бу референдум бекор қилиб бўлинган, деб ҳисобламоқда. Уларнинг фикрича, мазкур овоз бериш жараёни «қонунга зид» ва «ҳеч қандай халқаро кўмакка эга бўлмайди».
Изоҳ (0)