Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги «Тараққиёт стратегияси ва замонамиз қаҳрамони» мавзуида бадиий ва ижтимоий-сиёсий асарлар яратиш бўйича ижтимоий буюртмалар лойиҳасини эълон қилади. Бу ҳақда ташкилот сайтида маълум қилинди.
Ижтимоий буюртмалар бўйича яратиладиган ижодий ишлар учун қуйидаги талаблар кўзда тутилган:
- аҳоли учун арзон уй-жойлар қурилиши билан боғлиқ бўлган масалалар, уй-жойга кўчиб кирилишида одамларнинг қувончи, узоқ йиллик орзу умидларининг рўёбга чиқишини ёрқин бадиий бўёқларда ифодалаш;
- янги саноат корхоналари қуриб битказилаётганлиги (масалан, Жиззах, Бухоро ва Қашқадарё вилоятлари ҳудудида жойлашган йирик нефтни қайта ишлаш заводлари қурилиши);
- республикада янгидан бунёд этилаётган кенг ва равон йўллар, кўприклар, йер усти метро тармоқлари, сув иншоотларининг қурилиш жараёнлари;
- аҳолини арзон дори-дармонлар билан таъминлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар;
- тадбиркорларга яратилаётган кенг имкониятлар
- амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари;
- «Халқ қабулхоналари — адолат қўрғонлари» мавзуида фуқароларнинг фикрини ўрганиб, жойларда фаолият кўрсатаётган ижро органларининг халқ дардини тинглаш, уларнинг муаммоларни ҳал этиш борасидаги иштироки;
- мамлакатда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикнинг қадрига йетиш, чегаралар дахлсизлигини асраш;
- ёшларни она юртга меҳр ва садоқат, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш;
- узоқ йиллар Ўзбекистонда яшаб, фуқаролиги бўлмаган, бугунги кунда паспорт олаётган ватандошлар қалбидаги фахр-ифтихор туйғулари, ҳис-ҳаяжонларининг бадиий ифодаси;
- ён қошнилар бўлган давлатлар билан азалий қардошлик алоқаларининг қайта тикланиши;
- республикада ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши билан боғлиқ бўлган ишлар ва бошқа ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ҳаётий далил ва мисоллар орқали талқин этувчи асарлар яратиш.
Буюртма берилган китоблар агентлик тизимидаги нашриётлар қошида тузилган нуфузли ҳайъат томонидан баҳоланиб, нашриётларнинг ижтимоий грантлари асосида чоп этилади ва муаллифларга белгиланган тартибда қалам ҳақи берилади.
Нашриётлар ва муаллифлар ўртасида тузиладиган шартномада ижтимоий грантлар асосида яратиладиган китоб учун қалам ҳақининг маълум қисмини олдиндан тўлаш ҳам кўзда тутилади.
Изоҳ (0)