Япония пойтахти Токиода Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда ҳукумат вакиллари, парламент депутатлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, илмий-тадқиқот, ишбилармон давралари, туристик компаниялар, дипломатик корпус ва ОАВ ходимлари иштирок этди, деб хабар беради «Жаҳон» ахборот агентлиги.
Тўпланганлар Ўзбекистоннинг сиёсий, ижтисоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ютуқлари билан таништирилди. Шунингдек, мамлакатнинг бой туристик салоҳияти ҳамда тарихий-маданий мероси тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва Япония қадимдан яқин алоқалар амалга ошириб келгани алоҳида таъкидланди. Ўзаро алоқаларнинг замонавий босқичи ҳақида гапирар экан, чиқиш қилганлар 25 йил давомида тўпланган тажрибани эслатиб ўтди.
Тадбир доирасида махсус стенд ташкил этилиб, унда миллий либослар, халқ амалий санъати буюмлари, дарахтдан ва сополдан ясалган буюмлар, миниатюралар, график асарлар, шунингдек, ноёб ёдгорликлар ҳақидаги ахборот материаллари тақдим этилди.
Бундан ташқари, ўзбек ва япон халқларининг дўстлигини ифодаловчи болалар расмлари кўргазмаси намойиш этилди.
Ўз чиқишида парламент маслаҳатчилар палатаси депутати, Япониянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси, «Дўстлик» ордени соҳиби Кёко Накаяма Ўзбекистон мустақил тараққиётнинг диққатга сазовор йўлини босиб ўтганини қайд қилди.
Япония адлия вазири Йоко Камикава эса мустақиллик йилларида мамлакат барча йўналишларда катта ютуқларга эришганини қайд қилиб ўтди.
«Кучли ижтимоий сиёсат юритиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва унинг фаровонлигини оширишдаги ютуқлар кўзга ташланиб турибди. 2014 йили Ўзбекистонга амалга оширган ташрифимни ҳар доим илиқлик билан эслайман», — деди у.
Сўзининг якунида Камикава хоним икки томонлама муносабатларни чуқурлаштиришга ҳисса қўшишда давом этишга тайёрлигини таъкидлаб ўтди.
Изоҳ (0)