Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасида 25 сентябрь куни Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси спикери Чон Се Гюн бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашувлар бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Сенат раиси Н. Йўлдошев билан учрашувда мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани, парламентлараро алоқалар бу муносабатларнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди. Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси жамият ва давлат ҳаётини ислоҳ этишнинг барча соҳаларини қамраб олгани қайд этилди.
Жанубий Корея Миллий Ассамблеясида «Корея – Ўзбекистон» парламент дўстлик уюшмаси, Олий Мажлисда Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ ташкил этилган.
Томонлар парламентлараро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида фикр алмашди.
Қонунчилик палатаси спикери Н. Исмоилов билан учрашувда парламентлараро алоқаларни янада фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Корея Республикаси Миллий Ассамблеясининг спикери Чон Се Гюн самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятида тутган ўрни мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлаб, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақидаги фикрларини баён этди.
Шунингдек, кореялик меҳмонлар Мустақиллик майдонига ташриф буюрди.
Изоҳ (0)