Европалик футболчилар нимаси билан кучли, дейсизми? Улар фақатгина футболга боғланиб қолмаган. Тьери Анри бутсасини михга илиб, туппа-тузук шарҳловчига айланиши, Каррагер эса машҳур журналист бўлиши мумкин. Яқиндагина футболчилик фаолиятини якунлаган Германия миллий терма жамоасининг фахрий футболчиларидан бири Филипп Лам ҳам бекор юришни истамади — у Bild нашри учун Германия канцлери Ангела Меркелдан эксклюзив интервью олди.
Сайлов арафасида чоп этилган мазкур интервьюни «Sports.ru» нашри русчага таржима қилди, «Championat.asia» эса уни ўзбек тилига ўгирди. «Дарё» ўқувчилари учун ҳам атоқли футболчи ҳамда Германиянинг биринчи одами ўртасидаги самимий суҳбат қизиқ бўлиши табиий.
Лам келишилган жойга вақтида етиб келди. Аммо Меркель хоним ўз одатларига қарши боришга мажбур бўлди. Унга муҳим қўнғироқ бўлиб қолди, шу сабабли канцлер Лам қаршисига 15 дақиқа кечикиб чиқди.
Футболчи бундан ҳафа бўлгани йўқ, аксинча, Меркель унинг кайфиятини кўтариш учун ўз идорасида махсус экскурсия уюштириб берди. Йўлакдаги галерея, Меркелнинг Рейхстатга ўхшаш хонаси, канцлернинг Ламга кофе қуйиб бериши — ҳаммаси ажойиб эди. Ҳа, айтганча, Меркель меҳмонларига доимо ўзи кофе қуйиб беради. Шу аснода хоним собиқ футболчига канцлер парламентни доим кўриб туриши учун ҳам архитектор бинони шу услубда қурганини тушунтирди. Интервью учун улар икки қават пастга — давлат банкетлари ўтказиладиган залга тушди.
Филипп Лам: Мен собиқ футболчи, айни вақтда тадбиркор, фонд асосчиси ва ота сифатида бу ерда ўтирибман. Санаб ўтганларимнинг ҳар бирига боғлиқ савол беришни истардим. Менда футболчи сифатида ЖЧ—2006 дан қолган ёрқин хотиралар бор. Бу сиз учун қандай бўлганди? Кийиниш хонасига биринчи маротаба кириб келганингизни назарда тутаяпман?
Ангела Меркель: Бу мен учун қайсидир маънода ўзгача бўлган. Канцлер бўлганимдан кейин ҳар доим атрофимда савол айланарди: «Энди бизда аёл-канцлер, балки ёмон бўлмас, лекин у футболни тушунармикин?» Ўшанда 2006 йилгача ҳам футбол кўрганимни, ҳатто, Германия Демократик Республикаси даврида ҳам футбол томоша қилганимни тушунтиришимга тўғри келган. Мен буни ўзгача деб ҳисоблайман. Ахир ҳозир жамоага яқин бўлган аёллар ҳам бор, бу яхши-ку. Ҳатто, «Бавария»да ҳам аёл ишчи бор (Катлин Крюгер — клуб менежери).
ЖЧ—2006 Германия образини ўзгартирди. Чунки одамлар ўйин-кулгу ва хурсандчилик билан ўз жамоаларини кутиб олди. Очилиш ўйини Мюнхенда бўлди, унда сиз тўп киритдингиз. Кейин Польшага қарши ўйин бўлди, унда мен польшалик ҳамкасбларим билан бирга ўтирдим. Бир томондан жамоангни қўллаб-қувватлайсан, бошқа томондан эса дипломат сифатида жуда хурсанд бўлиб кетмаслигинг ҳам керак.
Кийиниш хонаси ҳақидаги саволга келсам, менга тегишли бўлмаган шон-шуҳрат билан ўзимни безамаслик мен учун жуда муҳим эди. Ахир мен майдонда ўйнамадим. Лекин мени жуда илиқ кутиб олишди, мен ўзимни худди кийиниш хонасидагиларга ҳалал бермаётгандек ҳис қилдим.
Лам: Мен учун кийиниш хонасига ташрифингиз ва айтганларингиз ҳамиша ўзгача ўрин тутади. Лекин сизни тўғри тушунган бўлсам, сиз трибунада ҳар доим канцлерсиз.
Меркель: Мен ҳам инсонман. Риодаги финал ўйини олдидан шундай ҳаяжон бўлдики, мени фақатгина ўйин старти олдидан хотиржам қабул қилишларига тўғри келди. Венгриялик ҳамкасбим Виктор Орбан ўйиндан олдин менга шундай деди: «Тушунарсиз, ҳаммаси қандай якун топар экан-а?»
Аргентиналиклар жуда кучли эди. Бу мени янада ҳаяжонлантирарди. Кейин мен 113 дақиқа кутишимга тўғри келди. Шундагина Виктор Орбан мен томон бурилди ва энди хотиржам бўлишим мумкинлигини айтди. Мен эса барибир 120-дақиқада ҳам хотиржам эмасдим.
Лам: Ҳозир футболда трансфер нархлари ақлбовар қилмас даражага чиқди. Бу сизни хавотирга солмайдими?
Меркель: Мен футбол ва футболчиларга «қўшимча бошоғриқ» бўлмаслик учун, эътибор қаратиш лозим бўлган айрим жиҳатларни кўрмоқдаман. Масалан, кўп ўйинлар ва кўп рекламалар. Мухлисларнинг футболчилар билан алоқаси, футболчиларнинг бир клубдан бошқасига ўтиши сабаб йўқолмоқда. Демак, футболдаги завқнинг йўқ бўлиб боришидан қўрқаман. Клуб тимсоли бўлиш ажойиб. Тимсоллар битта клубда узоқ муддат ўйнаган бўлишади.
Лам: Жаҳон чемпионатининг Россия ва Қатарга ишониб топширилганини қандай баҳолайсиз?
Меркель: ФИФА ва УЕФА шаффоф бўлиши керак эди. Инсонлар нимадир қонунга зид тарзда амалга оширилганидан хавотир олмасликлари керак. Охирги йилларда ишонч йўқолганди. Биз бундай катта мусобақаларни ўтказиш ҳуқуқи фақатгина бизнинг сиёсий ишончимизга жавоб берган ва жавоб берадиган давлатларгагина топширилишини тасаввур қила олмаймиз. Лекин минимал талаб барибир бажарилиши керак. Агар стадион қураётган инсонлар шароит яхши бўлмаган ҳолда кам ойлик олаётган бўлса-ю, уларнинг меҳнати сабаб бошқа томон ақлбовар қилмас пул ишлаб топаётган бўлса, биз бунга бефарқ бўла олмаймиз.
Лам: Менинг шахсий холдингим бор. Энг муҳим саволим шу: ўз жамоамни қандай йиғишим керак? Сизда ҳамма нарсани гаплашиш мумкин бўлган доимий жамоа борми? Ҳеч бўлмаганда қандайдир бир инсон-чи?
Меркель: Мени барча маълумотлар билан таъминлаши мумкин бўлган давлат хизматчилари бор. Бундан ташқари, мен билан ўз фикрини бўлиша оладиган бир неча одамлар ҳам бор. Сиёсатчиларга кучсиз томонларни айтиб бўлмайди, деган хавф бор. Шунинг учун нимадир нотўғри бўлса, нима қилса яхши бўлишини менга айта оладиган инсонларни йиғаман. Улар жиддий нарсалар устида бош қотира олади.
Лам: Сиз турли хил инсонлар, масалан, бошқа давлат раҳбарлари билан ишлайсиз. Баъзида кимдандир жахлингиз ҳам чиқиб турадими?
Меркель: Мен бу ерда оилам ёки дўстларим билан ўтирмаяпман. Мен Германия канцлериман. Демак, қаршимда ҳам у ёки бу давлат раҳбари ўтиради. Ҳар бир томон ўз қизиқишларини ҳимоя қилиши керак. Дарҳол ҳиссиётларни баён қилишдан бошлаш нотўғри. Дастлаб ўзимга савол бераман: нимага эришишни хоҳлаяпман? Нима қилсам давлатимиз учун яхши бўлади? Тугатиш нуқтаси қаерда бўлгани маъқул? Кейинчалик суҳбат давомида шулар асосида иш кўраман.
Одатда умумий тил топишамиз. Акси бўлса, келишмовчилик сақланиб қолади. Бу худди футболдаги каби: сизнинг рақибингиз «Боруссия Дортмунд» ёқимли одам бўлиши мумкин. Лекин «Бавария» «Боруссия»га қарши ўйнаётганида ҳеч қандай мулойимлик ёрдам бермайди. Бунда гап қизиқишлар ҳақида боради. Тўғрисини айтганда, қоидалардан четга чиқмаган ҳолда мен ўзимникига эга бўлишни хоҳлайман. Тўлиқ эътибор Германия учун нима яхши бўлишида. Ва албатта, Европа учун ҳам.
Лам: Мен ҳозир эркинликдаман, яни, клубга ёки машғулотларга боғлиқлигим йўқ. Бундан завқ оляпман. Йўлда ўтадиган кунлар сиз учун қанчалик зерикарли?
Меркель: Мен имтиёзли ҳолатдаман, чунки жамоат транспортларидан фойдаланмайман. Куним эса бутунлай банд. Мен тонгни бошлайман ва ҳамма ерга ўз вақтида етиб бораман. Айтилган вақтда белгиланган жойга етиб борсанг-у, бу сенга вақтида кетиш имконини бермаса, шуни ёмон. Чунки мендан сўрашади: сизда яна 5—10 дақиқа борми, деб. Бундай вазиятларга мен жуда қаттиқ тураман.
Лам: Биз сафар чоғида жамоа билан қарта ўйнардик. Йўлда чалғиш учун сизда фурсат бўладими? Ёки бунинг учун алоҳида машғулотингиз борми?
Меркель: Агар жуда чарчамаган бўлсам, баъзида китоб мутолаа қиламан. Мен қартада зўр ўйинчи эмасман. Самолётда баъзида мусиқа тинглайман ёки кино томоша қиламан. Одатда самолётда музокаралардан аввалги ёки кейинги ишлар кўп бўлади. Шундай экан, бўш вақт у қадар кўп ҳам эмас.
Лам: Таътилда телефонимни ўчириб қўя олишим — омадим. Кейинги кун қайтиб қўнғироқ қилишим мумкин. Сиз телефонингизни 100 фоиз ўчириб қўя оласизми?
Меркель: Йўқ, ўчиролмайман. Канцлер ҳар доим алоқада бўлиши керак. Дунёда нимадир рўй берса, менинг қаердалигим, дам олишдалигим ёки ярим кечаси эканлиги рол ўйнамайди, мен ҳар доим тайёр бўлишим зарур.
Лам: Демак, сизда ўчириш мумкин бўлмаган телефон бор...
Меркель: Ҳа, мени кечки пайт ҳам топиш мумкин. Агар телефонни эшитмасам, мени топа оладиган одамлар бор. Ҳатто, дам олиш вақтимда ҳам менга бўлаётган қўнғироқларни саралайдиган алоҳида ишчи бўлади. Нимага тезлик билан эътибор қаратишни ёки қайси иш бир неча соат кутиб туришини мен ҳал қиламан. Баъзида зўрға, сўнгги кучим билан етишган жойимдан, яъни, тоғнинг учидан телефон қилишим зарур бўлиб қолади(кулади).
Лам: Йилда неча кун Ангела Меркелсиз?
Меркель: 365 кун.
Лам: Ўзингизга тегишли бўлган кундалик ҳаётингиз ҳам борми?
Меркель: Сиз қачон оддий одамга айланишимни назарда тутяпсизми? Мен доим ишдаман, мени ҳамиша суратга тушуришади ва сўрашади: «Бу ерда у нима қиляпти?». Бу сизга ҳам таниш. Мен дам олиш кунлари эрталабдан кечгача уйда бўлишга, ташқарига чиқмасликка ҳаракат қиламан. Ўша куни овқат тайёрлайман ёки бўлмаса харид қилгани супермаркетларга чиқаман. У ерда ҳам расмга олишади. Ёқимсиз тажриба туфайли супермаркетларда энди селфи қилмайман. Бу шундай чалкашликка олиб келди-ки, натижада саватчамда бошқа озиқ-овқатлар пайдо бўлиб қолди.
Лам: Охирги савол, чунки сиз сайлов арафасидасиз. Бу кун сиз учун қандай ўтади? Қаттиқ асабийлашасизми? Мен учун ҳаммаси бир ўйин атрофида бўлган: ёки ютаман ё ютқазаман. Лекин сизда кейинги 4 йиллик аниқлаб берилади.
Меркель: Аввало ухлаб олишим керак, лекин мен яхши ухлай олмайман. Кейин эса футболдаги катта ўйинлар каби: кутасан ва ҳамма нарса ўтиб кетганини биласан. Шанбагача яна нимадир қила оламан, кейин эса қилмаганимни гапирмайман. Фарқимиз шундаки, сиз ҳал қилувчи баҳсни кутяпсиз, бунинг учун сизда бор ҳамма нарсани беришингиз мумкин. Менда ТВга чиқиш олдидан шундай бўлади, бу худди дуэл каби. Халқ олдига интервью бериш учун чиқасиз чунки. Кейин фақат томоша қилиш ва кутиш қолади. Буниси энди сертификат топшириш маросимидек гап.
Меркель билан интервьюдан кейин Филипп Лам Bild учун шундай сўзларни ёзди:
Сайловга оз вақт қолганида канцлер билан суҳбатлашиш жуда қизиқ. Менда шундай хулоса қолди: саволларим ва атрофдаги нарсаларни кўришим, уни қизиқтирди. Сиёсат ва футбол жуда фарқли нарсалар. Шунга қарамай, унисидан ҳам, бунисидан ҳам кўп нарса ўрганиш мумкин, деб ўйлайман. Ҳар доим гап ЖАМОА ҳақида кетади. Инсон турли позициялардан туриб унга фойда келтириши мумкин.
Изоҳ (0)