Delmonico’s — биржа элитасининг севимли маскани. Бу ерга фақатгина овқатлангани эмас, балки ўзининг обрўсини намойиш этгани ҳам ташриф буюришади.
Delmonico’s стейкхауси Манхэттен марказидаги Нью-Йорк фонд биржаси яқинида жойлашган бўлиб, у 1837 йилда очилган. У Америкадаги биринчи классик ресторанлардан бири ҳисобланади.
Delmonico’s ўзининг стейклари билан машҳур бўлса-да, бу ерда стандарт менюда кўрсатилмаган турфа таомлар ҳам тақдим қилинади. Бу ерда пишлоқли грил-сендвични 100 долларга ейишингиз мумкин.
«Бизнинг ресторанимизга Уолл-стритдаги кўплаб инсонлар ташриф буюради ва улар доим бир-биридан олдинга ўтишга ҳаракат қилади», — дейди катта ошпаз Билли Олива. Insider Pro Delmonico’s ресторанининг «махфий меню»си ҳақида маълумотлар тўплаб тақдим этди.
Delmonico’s жорий йилда ўзининг 180 йиллик юбилейини нишонлайди. Ушбу ресторанда ўз вақтида Марк Твен ва Авраам Линкольн тушлик қилган.
Катта ошпаз Билли Оливанинг айтишича, «миллиардерларга мўлжалланган меню» мавжуд бўлиб, у махфий ҳисобланади. Бу меню ҳақида барменлар ва ўша таомни ташийдиган офицантларгина билишади.
«Миллиардернинг нони» — махфий менюдаги энг қиммат таомдир. Унинг нархи 150 доллар.
Уни тайёрлашда мармар мол гўшти, қисқичбақа, фуа-гра (ғоз жигари) қора трюфел қириндилари ва истеъмол қилса бўладиган 24 каратли олтин парчаси ишлатилади.
Шунингдек, 100 долларга «Уолл-стрит грил-пишлоғи»ни ҳам буюртма қилиш мумкин. Уни тайёрлашда Scharfe Maxx ва L’Etivaz пишлоқлари, 18 соат давомида паст ҳароратда қовурилган олий навли бекон ишлатилган.
Десертга устига қора ҳамда тилла рангли яримфабрикат суртилган печеньени 50 долларга сотиб олишингиз мумкин.
Бу классик оқ-қора печеньега ўхшаш, аммо оқ ширинлик ўрнига 24 каратли олтин кукунидан фойдаланилган.
Шундан сўнг «Миллиардернинг сутли коктейли»ни 35 доллар эвазига буюртма қилиш мумкин.
Изоҳ (0)