«Хизматкор аёл ҳикояси» сериали «Эмми» мукофоти бош номинациясига лойиқ деб топилди, деб ёзади Reuters. Бош ролни ижро этган Элизабет Мосс «Драматик сериалнинг энг яхши актрисаси» номинациясида мукофотни қўлга киритди.
«Вице-президент» комедия жанридаги энг яхши сериал деб топилди, унда суратга тушган Жулия Луис-Дрейфус кетма-кет олтинчи марта ушбу жанрда «энг яхши актриса» мукофотини қўлга киритди.
«Драматик сериалдаги энг яхши актёр» номинацияси бўйича мукофотни Стерлинг Браун «Бу биз» сериалидаги иши учун қўлга киритди. «Атланта» сериалидаги ижроси учун Дональд Гловер «энг яхши комедия актёри» мукофотига лойиқ деб топилди.
«Катта кичик ёлғон» энг яхши мини-сериал деб топилди, унда суратга тушган Никол Кидман «Мини-сериалдаги энг яхши актриса» мукофотини олди. Ушбу жанрдаги энг яхши актёр номига «Бир куни тунда» мини-сериалидаги иши учун Риз Аҳмад лойиқ деб топилди.
Мукофот топширишнинг 69-маросими 17 сентябрь куни Лос-Анжелесда бўлиб ўтди.
Изоҳ (0)