Apple компанияси унга нисбатан айбловлар илгари сурган бир гуруҳ реклама компанияларига жавоб берди. Бу ҳақда TJournal хабар бермоқда.
Бир муддат илгари улар янги Safari 11 тизими бутун рақамли реклама саноатига таҳдид солишини айтиб ўтган эди. Шунга қарамай, компания фойдаланувчиларни реклама мақсадларида кузатишни чеклаш қароридан воз кечмаслигини маълум қилди.
«Apple одамлар шахсий ҳаёт ҳуқуқига эгалигига ишонади. Реклама кузатув технологиялари шунчалик тарқалганки, компаниялар ҳар қандай одам браузерининг тарихини ундан сўрамай тиклаши мумкин», — дейилади компания баёнотида.
14 сентябрь куни АҚШнинг олти энг йирик реклама тармоғи Apple’га очиқ хат билан мурожаат қилиб, корпорацияни Safari браузерига янгиликлар киритиш йўли билан интернет иқтисодий моделини саботаж қилишда айблади.
Гап шундаки, Safari браузерининг Intelligent Tracking Prevention номли 2017 йил июнида тақдим этилган янги имконияти ёрдамида реклама тармоқларининг фойдаланувчиларни кузатиш ҳаракатларини чеклаш мумкин. Масалан, у cookies файлларининг ретаргетинг учун амал қилиш муддатини 24 соатга чеклайди ва шундан сўнг 30 кун кирилмаган сайтларнинг cоокиэ файлларини ўчиради.
Компания вакиллари Safari чет cookies файлларини блокловчи биринчи браузер бўлганини, кузатишни чеклашнинг ақлли методи эса (ITP) фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилишини таъкидлаб ўтди. ITP cookie-файллар ва бошқа шахсий маълумотларни ўчириб, фойдаланувчилар интернет-сёрфинг билан бемалол шуғулланишига имкон яратади.
Бундан ташқари, Apple янги алгоритм рекламанинг ўзини блокламаслигини ҳамда сайтлардаги қонуний кузатишга тўсқинлик қилмаслигига урғу берди.
Изоҳ (0)