«Истиқлол» санъат саройининг директори Исроил Ғуломов журналист Феруз Муҳаммадга интервью берди. Сарой директори суҳбат давомида хонандалар, концерт ташкилотчилари билан боғлиқ саволларга ҳам очиқ-ойдин жавоб берди.
— «Истиқлол» санъат саройидаги чипта нархлари, чет эллик хонандаларни концерт дастурига кириш учун сотиладиган чипта нархлари қандай асосга кўра белгиланади?
— Чипта нархлари концерт ташкилотчилари томонидан белгиланади.
— Чет эллик хонандаларнинг концерт ташкилотчиси ким?
— Концерт дастурини ким ўтказса ўша одамлар…
— Ҳозир, айни вақтда, чет эллик хонандаларнинг концертини ким ўтказмоқда?
— Сўнгги вақтларда «Истиқлол» санъат саройининг ўзи мазкур концертларга ташкилотчилик қилмоқда. Чунки Вазирлар Маҳкамасидан баённома чиқмоқда, ўша баённома асосида биз ташкиллаштирмоқдамиз.
— Концерт чипта нархларини нима асосда белгилайсиз?
— Келадиган хонанданинг гонорари бор, солиғи, авиачипталари, концерт рекламаси бор. Ушбу харажатларни ҳисоблаб шунга яраша нарх чиқарамиз. Ўрта ҳисобда концерт чипталарининг 50 фоизи сотилганидан сўнг сизнинг харажатингиз чиқиши керак. Агар ўшандай ҳолатда харажати чиқмаса сиз банкрот бўласиз.
— Чет элдан келадиган хонанда ҳам санъат саройидан фойдаланганлиги учун ижара ҳақи тўлайдими?
— Чет элдан келадиган хонанданинг концертини ташкил қилган ташкилот ўзимиз-ку…
— Тушундим, сиз ҳам ўзингизнинг ташкилотингизга, яъни «Истиқлол» санъат саройига ижара ҳақи тўлайсизми?
— Тушган пул ўзимизга қолади-ку. «Истиқлол» санъат саройи ниманинг ҳисобидан таъмирланади? Асосан ўзи ташкил қилаётган санъаткорларнинг концертидан тушган пуллар эвазигада!
— «Истиқлол» санъат саройи ташкилотчилигида ўзбек хонандаларининг концерт дастурлари ҳам ташкиллаштириладими ?
— Албатта, кўпроқ «Мирзо» театрининг концерт дастури ташкиллаштирилади. Кейин яна вазиятга қаралади.
— Сиз томондан ташкил қилинган концертлар учун, концертдаги хонандаларга гонорар бериладими ёки концерт ташкил қилганингиз учун хонанда гонорарсиз қоладими?
— Албатта, гонорари берилади. Биз ўтказган концертда санъаткор ўзига ҳисоб рақам очади, ўша ҳисоб рақамига концерт фойдасидан унга ҳам гонорар ажратилади.
— Чет эллик хонандалар ўзи билан техникасини ҳам олиб келадими?
— Олиб келадиганлари ҳам, олиб келмайдиганлари ҳам бор.
— Кимлар ўзи билан олиб келди?
— Мисол учун Киркоров ҳамма нарсасини олиб келди. У бизга «саҳнани топ тоза қилиб, электр билан таъминласангиз бўлди», деди ва ҳамма нарсани ўзи билан олиб келди. У жами бўлиб 5 та Фурада саҳна учун декорация, техника воситалари билан келган. Бундан ташқари Бочелли овоз кучайтирадиган мосламаларини, чироқларини ўзи билан бирга олиб келди. Агар бизнинг техникаларимиз уларнинг талабига жавоб берадиган бўлса, олиб келмайди.
— Аксарият ўзбек хонандаларидан «нима сабабдан жонли ижрода концерт бермаяпсан» деб савол берилганида, «Истиқлол» санъат саройининг техникаси талабга жавоб бермаслигини баҳона қилиб кўрсатишади. Чет эллик хонандалар орасида ҳам техникани ўзи билан олиб келадиганлари бор экан. Демак, ҳақиқатдан ҳам «Истиқлол» санъат саройининг техникаси жонли ижро талабларига жавоб бермас эканда?
— «Истиқлол» санъат саройининг ўзида бор техникаси барча талабларга жавоб беради. Бизда фақат овоз кучайтиргич ва саҳнага қўйиладиган чироқ йўқ. Жонли ижрода куйлай олмаган хонандалар техникаси носоз деб баҳона қилиши мумкин. Жонли ижрода қўшиқ айтаман деган хонанда ликопчада ҳам қўшиқ айтаверади.
— Аммо рад қилиб бўлмайдиган бир ҳақиқат, яъни санъат саройининг ўнг ва сўл қанотлари чипталарини, мухлислар «овоз яхши эшитилмайди», деб харид қилмаслиги бор гап-ку, тўғрими?
— Йўқ, овоз етиб бормайди эмас, аксинча колонкалар ўша томонларга қаратилгани учун овоз кучли боради. Насиб бўлса Игорь Иосис куз фаслида Бельгия давлатидан янги аппаратураларни олиб келади ва улар саҳнада эмас, осилиб турадиган бўлади ва бу муаммо ўз-ўзидан ечимини топади. Буларнинг ҳаммаси учун катта маблағ керак, бу аппаратуралар, техникалар арзон турмайди.
— Маблағ етмайди дейсизми, ахир «Истиқлол» санъат саройида йил давомида 200 дан ортиқ концерт дастурлари бўлиб ўтмоқда-ку…
— Етмайди, чунки бу аппаратуралар камида 1-2 миллион доллар туради.
— Аппаратуралар қаердан сотиб олинади?
— Европа давлатларидан, хусусан, Германиядан, Бельгиядан олиб келинади.
— Киркоров ҳамда Бочеллидан ташқари юртимизда меҳмон бўлган чет эллик хонандаларнинг барчаси ушбу техника билан жонли ижрода концерт беришдими?
—А’Студио, Меладзе, Аллегрова сингари, умуман олганда чет элдан келган хонандалар мутлақо фонограммада ишламайди, қайтанга ўзимизнинг хонандалар дангаса бўлиб қолганидан фонограммани ҳам айта олмасдан нолишмоқда. Ўзи томошабини йўқ бўла туриб, куйлай олмасдан қиладиган баҳонаси техника бўлиб қолмоқда. Чет эллик хонандалар Игорь Иосиснинг техникаси билан ҳам мазза қилиб жонли ижро қилиб кетишди-ку, ҳеч бири нолигани йўқку. Техника жавоб бермайди дейишлари баҳона, техника ёмон бўлса олиб келишсин.
— Демак, хонанда ўзига маъқул бўлган техникани олиб келиши мумкин, шундайми?
— Хоҳласангиз ўзингиз ҳам биз ва концерт ташкилотчилари ўртасида тузилган шартномани кўришингиз мумкин. Шартномада худди шу бўлимлар киритилган. Бемалол олиб келиш мумкин, фақат бизнинг стандарт талабларга жавоб бериши керак. Ўзимизнинг комиссиямиз бор, ҳар бир санъаткор концерт дастуридан 10 кун аввал саҳнага олиб кирадиган буюмларини комиссия аъзоларига текширтиради. Айбни «Истиқлол» санъат саройига қўйиш керак эмас, ўзи астойдил концерт қўяман деса, хоҳлаган техникасини олиб келиб концертини тақдим қилаверсин. Ҳар битта санъаткорга камида бир ҳафта тайёргарлик учун жой бераман, мисол учун Юлдуз Усмонова икки ой мобайнида «Истиқлол» санъат саройида концерт учун тайёргарлик кўрди.
— Тайёргарлик кўргани учун, жой учун хонандадан пул олинадими?
— Йўқ, текин.
— Бу фақат Юлдуз Усмонова учунми ёки бошқа хонандалар учун ҳам тайёргарлик кўриш текинми?
— Қайси хонанда бўлса ҳам текин. Тайёргарлик кўриш учун мўлжалланган 3 та залимиз бор. Ёши катта бўлишига қарамасдан Ғуломжон Ёқубов концертидан олдин бир ой, бир ярим ой тайёргарлик кўрди.
— Санъаткорлар ёки концерт ташкилотчилари ўртасида концерт куни масаласи юзасидан низоли ҳолатлар келиб чиққанми?
— Йўқ. Бир хил янги ташкилотлар «бизга мана бу ойда кун қилиб беринг ёки бошқа ойда бўлса яхши эди», деганлар бўлади, лекин банд бўлганидан кейин улар ўз-ўзидан тушуниб етади.
— Хабаримиз бор, хонанда Манзуранинг концерт дастурини учинчи куни қолдирилган эди. Шундай вазиятларда сотиб олинган билетларнинг пуллари қайтарилишини ким назорат қилади?
— Концерт ташкилотчилари ёки хонандалар «мен уч кун концерт бераман ёки тўрт кун концерт бераман», деб кун белгилашга келганида уларга очиғини, яъни «сен уч кунга ёки тўрт кунга тортмайсан, икки кун қил, агар икки кунлик чипталарингни сота олсанг, учинчи кунни қўшиб юбориш муаммо эмас», дейман. Кўплари «йўқ-йўқ» деб ўзлари айтганидек 3 ёки 4 кунни банд қилашади-да, сўнгги кунларини бекор қилишади.
— Хонанда Манзурага ҳам шу маслаҳатни берганмисиз ?
— Хонанда Манзура концертининг иккинчи кунида мазаси бўлмасдан, учинчи кунини бекор қилишга мажбур бўлган эди.
— Чипта сотиб олган мухлисларга пулни ким қайтаради?
— Концерт ташкилотчилари!
— Концерт ташкилотчилари бу борада сусткаштликка йўл қўйса, мухлислар сизларга шикоят қилсачи?
— Бундай вазиятда ташкилотчиларни чақириб муаммони ҳал қиламиз. Мен бу масалага жуда ҳам қаттиқ эътибор бераман. Чунки бу ерга келадиган томошабин мени томошабиним, уларники эмас, шу вақтгача низоли ҳолатлар бўлгани йўқ. Яқинда айнан шу масалада қизиқ ҳолат бўлди. Болалар учун бўлиб ўтиши режалаштирилган концертнинг билетидаги 16 рақами, техник муаммо сабаб 18 рақамига ўхшаб қолган. Юзга яқин мухлислар 18-куни томоша кўраман деб келишди. Ўшанда ҳам концерт ташкилотчилари дарров бу масалани ҳал қилишди.