Британиялик дизайнер Райан Ясин болалар учун улар билан бирга «ўсадиган» кийим ихтиро қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Ясин боланинг ўлчамига қараб энига ва бўйига чўзилиши мумкин бўлган махсус мато ишлаб чиқди. Мато сув ўтказмайди, ўта мустаҳкам, машинада ювиш ва қайта ишлашга яроқли. Ундан тайёрланган кийимлар 3 ойдан 3 ёшгача бўлган болалар учун мўлжалланган.
«Оригами» матони тайёрлашда Ясин ўзи коллежда ўрганган аэронавтика муҳандислиги тамойилларидан фойдаланди. Кийимни яратишга эса дизайнерни харид қилинган либослари тезда тор келиб қоладиган жиянларини кузатиш илҳомлантирди.
Ясинга кўра, унинг ихтироси нафақат ота-оналарга маблағ тежаш, балки болалар кийимини ишлаб чиқаришга харажатлар камайиши ҳисобига атроф-муҳитга камроқ зарар етказиш имкониятини ҳам яратади.