Тошкент вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан қотиллик жинояти фош этилди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси маълум қилди.
Муқаддам хабар берилганидек, жорий йилнинг 30 август куни Пискент тумани «Намуна» маҳалласи ҳудудидан нўмалум эркак кишининг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилиб, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган эди.
Жиноят иши бўйича олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари натижасида жабрланувчининг шахси аниқланиб, у Олмалиқ шаҳрида яшаган Р. Кан (1959 йили туғилган) эканлиги, мазкур жиноятни эса унинг таниши Ф. Тарабрин (1961 йили туғилган) содир этганлиги аниқланди.
Терговда аниқланишича, 21 август куни Олмалиқ шаҳрида яшовчи Ф. Тарабрин уйига меҳмонга келган Р. Кан билан ўзаро жанжаллашиб, унинг бош қисмига темир болға билан кўплаб тан жароҳатлари етказиб, қасддан ўлдирган. Содир этилган жиноятни яшириш мақсадида жабрланувчининг мурдасини ўз уйи ертўласига яшириб, 25 август куни таниши А. Зубарев ёрдамида мурдани Пискент тумани «Намуна» маҳалласи ҳудудидаги очиқ майдонга ташлаб кетишган.
Суд томонидан Ф. Тарабрин ва А. Зубаревларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Изоҳ (0)