Халқаро космик станция ташқи юзасидан олинган пробалар натижалари бактерияларнинг айрим турлари очиқ фазонинг кучли радиацияси шароитида ҳам яшаши мумкинлигини тасдиқлайди. Шундай экан, Ердаги ҳаёт мана шундай микроорганизмларнинг сайёрага тушиб қолиши натижасида пайдо бўлгани ҳақидаги тахминларда асос бор. Бу ҳақда ХКСга юбориладиган бўлажак экспедиция командири Александр Мисуркин маълум қилди, деб хабар беради «РИА Новости».
Москва вилоятидаги космонавтларни тайёрлаш марказида ўтказилган матбуот анжуманида у илгариги экспедиция пайтида ХКС ташқарисида ишлаётганида космонавтлар станция юзасидан биологик ҳаёт борлигини аниқлаш мақсадида намуналар олганини ҳикоя қилиб берди.
«Намуналарни тўплаганда ўйлардим: бу ерда қанақа тириклик бўлиши мумкин? Плюс ва минус юз даража орасидаги кескин ҳаво ўзгаришлари, бизнинг тушунчамиздаги одатий овқатнинг йўқлиги, кучли радиация. Бу ерда қанақа биологик ҳаёт бўлиши мумкин? Лекин у бор экан! Албатта, у Ердан олиб келинган. Лекин сайёрамиздан олиб келинган бу нарса очиқ фазода омон қолганининг ўзиёқ микроорганизмлар бунга дош беришини, демак, Ерда ҳаёт шу тариқа пайдо бўлганини кўрсатади», — таъкидлади космонавт.
Мисуркин 2018 йилдан Россия дастури бўйича яна очиқ фазога чиқилишини ҳамда унинг доирасида яна бактериялар борлигини текшириш учун намуналар тўплаш имконияти бўлишини қўшимча қилиб ўтди.
«Январда кемадан ташқаридаги фаолиятим чоғида яна пробалар тўплайман ва мамнуният билан бу йўналишда олимлар билан ишлайман», — деди у.
Изоҳ (0)