30 август куни «Ангрен» эркин иқтисодий зонасида сирланган керамогранит ва керамик плитка ишлаб чиқариш бўйича янги саноат комплекси ишга туширилди. Бу ҳақда, Давлат инвестиция қўмитасига таяниб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Лойиҳа реализацияси учун Хитойнинг Gulf Cable Trading Company компанияси ўзбекистонлик ҳамкорлар билан биргаликда National Ceramics қўшма корхонасига асос солди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 21,1 миллион долларни ташкил этади. Шунинг 20,9 миллион долларлик қисми тўғридан-тўғри чет эл инвестициясини ташкил қилди.
Бизнес-режага кўра, лойиҳанинг йиллик қуввати — 2 миллион квадрат метр керамогранит ва 2,5 миллион квадрат метр керамик плитка. Маҳсулотнинг камида 30 фоизи экспорт қилиниши режалаштирилмоқда. Экспорт Марказий Осиё, МДҲ давлатларига амалга оширилади.
Корхонада Италиянинг Sacmi компаниясига тегишли энергия тежаш технологик қатори ўрнатилган. 80 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
Изоҳ (0)