Ўзбекистонлик боксчи Қудратилло Абдуқаҳҳоров ўзининг навбатдаги жангини Тошкентда ўтказади, деб ёзди «Оламспорт». Бунда у зимбабвелик Чарлес Манюичига қарши рингга чиқади.
WBC Silver камари соҳиби ҳисобланган Абдуқаҳҳоровнинг жанги 14 октябрь санасига тайин қилинган. Бу реванш жанг ҳисобланади. Бунгача ўзбекистонлик спортчи WBC Silver камарини сақлаб қолиш учун айнан Чарлес билан жанг қилган бўлиб, рақибини 1-раунддаёқ нокаутга учратишга эришганди.
Ўша жангда африкалик боксчи Абдуқаҳҳоровни калака қилишга ҳаракат қилди ва кутилмаганда кучли зарба қабул қилиб олиб, рингга қулади. Нокдаун ҳолатидан кейин у жангни давом эттирди ва 3 сония ичида навбатдаги зарбадан сўнг батамом нокаут бўлди.
Қудратилло бунга қадар 12 та жанг ўтказган бўлиб, уларнинг барчасида рақибларини таслим қилишга муваффақ бўлган. 8 та жанг нокаут билан якун топган.
Чарлес Манюичи эса бунга қадар 25 та жанг ўтказиб, 21 тасида ғолиб чиққан. 3 тасида мағлуб бўлган ва 1 марта дуранг қайд этган. Ғалабаларининг 12 тасида у рақибларини нокаут қилган.
Изоҳ (0)