Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги «Тана аъзолари, тўқималари ва инсон ҳужайралари трансплантацияси тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжат норматив-ҳуқуқий актларни муҳокама қилиш порталига жойлаштирилди, деб хабар беради «Газета.uz».
Лойиҳада инсон аъзолари, тўқималари ва ҳужайраларининг олиниши, тайёрланиши, сақланиши, юборилиши ва трансплантацияси фақат соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли рухсатномасига эга давлат соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Инсон репродукцияси билан боғлиқ аъзо, тўқима ва ҳужайралар, шу жумладан, репродуктив тўқималар, улардан фойдаланиш билан боғлиқ қон ёки унинг компонентлари ҳамда улардан фойдаланиш билан боғлиқ фаолиятни ушбу қонун қамраб олмайди.
Тана аъзолари ва тўқималари кўчирилиши фақат бошқа тиббий воситалар рецепиент ҳаётининг сақлаб қолинишини кафолатлай олмайдиган вақтдагина қўлланилиши белгилаб берилди.
Қонун тана аъзолари кўчирилиши билан боғлиқ бошқа кўплаб ҳолатларни ҳам тартибга солади.
Жумладан, рецепиент 18 ёшга тўлмаган ёки фаолиятга лаёқатли деб топилмаган бўлса, трансплантация унинг қонуний вакилининг ёзма розилиги олинганидан сўнг амалга оширилади.
Донорнинг тана аъзосини беришга мажбурлаш тақиқланади.
Тана аъзолари, тўқима ва ҳужайралари бошқалар учун хавфли касалликлар рўйхатига киритилган хасталикка чалинган донорга тегишли аъзоларнинг кўчирилиши тақиқланади.
Жисмоний ва юридик шахслар тана аъзоларини кўчириш соҳасида шартномалар тузиши ман этилади.
Донор ва рецепиент ҳақидаги маълумотлар шифокор сири бўлиб қолади ва ошкор этилишига йўл қўйилмайди.