Ўзбекистон ташқи савдо вазирлиги қошидаги «Ўзтрейд» компанияси экспорт етказмалари ҳажмини ошириш ҳамда Ҳиндистон бозоридаги ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида Деҳли шаҳрида савдо уйини очди. Бу ҳақда, вазирлик матбуот хизматига асосланиб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Савдо уйи негизида доимий равишда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг шоуруми ишлаб туради.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши, шунингдек, ўзаро маҳсулот етказиш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш 22 август куни Деҳлида ўтган Ўзбекистон ва Ҳиндистон бизнес давралари бизнес-форумининг асосий мавзусига айланди. Тадбир «Ҳиндистон–МДҲ» савдо-саноат палатаси кўмагида ташкил этилди.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Ҳиндистон бизнесменлари билан музокаралар олиб борди.
Ташриф якунларига кўра «Ўзтрейд» компанияси Ўзбекистондан дуккакли экинлар, ширинмия илдизи, текстиль ва бошқа маҳсулотларни етказиб бериш бўйича 30 миллион доллар қийматга эга шартномалар имзолади. Маҳсулот етказиб бериш шу йил сентябридан бошланиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)