Бугунги кунда Ўзбекистонда 3186 та жиноят фош этилмай қолмоқда. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида ички ишлар органлари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтилди, деб хабар берилади Президентнинг расмий сайтида.
Мажлисда жиноятларни фош этиш, жиноятчиларни топиш ва ушлаш борасидаги ишлар танқид қилинди. Бугунги кунда 3186 та жиноят фош этилмаган, қидирув эълон қилинган 15958 жиноятчидан атиги 5250 нафари ушланган. Шу боис Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Олий суд тегишли ташкилотлар билан биргаликда бу соҳада ички ишлар органлари томонидан амалга оширилаётган ишларни танқидий таҳлил қилиб, ахборот бериши белгиланди.
Президент қайд этганидек, барча камчиликлар аввало замирида ички ишлар органларида кадрлар танлаш, жой-жойига қўйиш, қайта тайёрлаш бўйича ишлар аҳволининг қониқарсизлиги билан боғлиқ. Жорий йилда ички ишлар органлари ходимларига нисбатан 223 та жиноят иши қўзғатилгани, 462 ходим интизомий жазога тортилгани бунинг яққол тасдиғидир.
Шу билан бирга, ички ишлар органлари ходимлари содир этган жиноятлар яшириш, рўйхатга олмаслик ҳолатлари кузатилмоқда. Бу қоғозда жиноят кўрсаткичларини сунъий равишда пасайтиришга, ўз ходимларини ҳимоялашга уринишдан бошқа нарса эмас.
Изоҳ (0)