Грузиянинг собиқ президенти, Украинанинг Одесса вилояти собиқ губернатори Михаил Саакашвили Вильнюсда берган баёнотида Литва фуқаролигини олишга даъвогар эмаслигини, аммо бундай таклиф билан чиққан сиёсатчилардан миннатдорлигини билдириб ўтди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
«Йўқ, мен Украина фуқаролигини қайтаришим лозим, у ноқонуний равишда мендан тортиб олинди. Кўп украиналиклар бундан ғазабланди ва, агар мен курашни давом эттирмасам, ўзларини ёлғиз қолгандай ҳис қилади», — деди Саакашвили, BNS агентлигининг Литва фуқаролиги олиш масаласи ҳақидаги саволига жавоб бераркан.
Айтилишича, бундай таклиф билан Саакашвилига Литвадан евродепутат Пятрас Ауштрявичюс чиққан.
Саакашвили айни пайтда Украина паспорти билан бемалол саёҳат қила олишини қайд қилиб ўтди.
26 июль куни Пётр Порошенко махсус фармон билан Саакашвилини Украина фуқаролигидан маҳрум қилди. Украина чегара хизмати раҳбарининг ўринбосари Василий Серватюк Саакашвили Украина чегарасидан ўтишга ҳаракат қилганидан ундан мамлакат фуқаролиги паспорти тортиб олинишини, унинг ўзи эса мамлакатга киритилмаслигини айтиб ўтди.