АҚШ президенти Дональд Трамп унинг Шимолий Корея ракета дастурига қарши курашдаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган бошқа мамлакатларга Twitter’даги саҳифаси орқали миннатдорчилик билдирди. Бу ҳақда «Газета.ru» хабар бермоқда.
«Кўп йиллик муваффақиятсизликлардан сўнг, мамлакатлар Шимолий Корея томонидан кўрсатилаётган таҳдидларга жавоб қайтариш мақсадида ва ниҳоят бирлашди», — деб ёзди АҚШ президенти.
Трампнинг қайд этишича, АҚШ ва бошқа мамлакатлар «нисбатан қаттиққўл ва журъатлироқ бўлмоғи лозим».
5 август куни БМТ Хавфсизлик кенгаши қитъалараро иккита баллистик ракетани учирганига жавобан КХДРга нисбатан санкцияларни янада кучайтириш тўғрисидаги резолюцияни бир овоздан маъқуллади. Мазкур қарорни маъқуллаганлар орасида Шимолий Кореянинг анъанавий иттифоқчилари — Россия ва Хитой ҳам бор.
Япония Ташқи ишлар вазирлиги вакили Тосихиде Андо ҳам БМТ томонидан санкцияларнинг кучайтирилишини олқишлади. У Пхеньян билан мулоқот ўрнатишга интилиш эмас, балки унга «янада самаралироқ босим» ўтказиш зарурлигини таъкидлади.