Илгарироқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 3 август куни мамлакат ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашгани маълум қилинган эди. Учрашув давомида мамлакат маданий ҳаётида амалга оширилиши кутилаётган қатор ўзгаришлар хусусида сўз юритилди, дейилади Президентнинг Facebook’даги расмий саҳифасида чоп этилган хабарномада.
Тадбирда таниқли маданият намояндалари, атоқли шоир ва адиблар, театр, кино, мусиқа санъати соҳасининг атоқли ҳамда ёш вакиллари, санъатшунос олимлар, журналистлар иштирок этди.
Учрашувда Шавкат Мирзиёев Адиблар хиёбони ҳудудида Уюшма учун алоҳида бино қурилаётгани, мустақилликнинг 26 йиллик байрами арафасида уни ёзувчилар ихтиёрига топшириш мўлжалланаётганини таъкидлади. Давлат раҳбарининг таклифига асосан, янги бинода «Ижод» жамоат фонди, Уюшма муассислигидаги «Шарқ юлдузи», «Звезда Востока», «Ёшлик» журналлари таҳририятини жойлаштириш кўзда тутилган.
Айни пайтда Журналистлар ижодий уюшмасининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, такомиллаштириш ва моддий-техник базасини кучайтириш бўйича қарор лойиҳаси тайёрланмоқда. Қарорда Ёзувчилар уюшмаси йил охирига қадар янги бинога кўчиб ўтиши муносабати билан унинг идорасини Журналистлар ижодий уюшмасига бериш кўзда тутилади.
Изоҳ (0)