8 август куни бўлиб ўтадиган Европа Суперкубоги олдидан Англиянинг «Манчестер Юнайтед» клуби иккинчи ҳимоячисидан айрилди.
Аввалроқ Европа лигасининг ярим финалида Йон Гвидеттининг юзига урган Эрик Байи халқаро майдоннинг уч ўйинига дисквалификация қилинганди. Эндиликда УЕФА Фил Жонсни 2 та ўйинга четлатди. Шу тариқа «Юнайтед»нинг асосий ҳимоячиси Суперкубокдан ташқари, Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг 1-турини ҳам қўйиб юборади.
УЕФА «Юнайтед» маъмуриятини допинг назорати тартибини бузишда айблади. Европа лигасининг «Аякс»га қарши ўтган финал ўйинидан кейин «манкунианлар»дан икки футболчи — Фил Жонс ҳамда Дейли Блинд допинг тестидан ўтиши керак эди. Бироқ футболчилар клуб томонидан огоҳлантирилмаган, оқибатда улар регламентни бузган.
Шу тариқа УЕФА ҳар икки футболчини 5 минг евролик жаримага тортди. Клубнинг ўзи алоҳида 10 минг евро тўлаб беради. Фил Жонс эса қўшимчасига икки ўйинда иштирок этмайди.
Изоҳ (0)