«Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперацион биржа дирекцияси» давлат корхонаси тугатилди. Бу Шавкат Мирзиёевнинг 31 июлдаги товар, иш ва хизматларни давлат ва корпоратив харид қилиш тизимини ислоҳ илиш ҳақидаги қарорида назарда тутилган, деб хабар беради «Газета.uz».
Ҳужжатда айтилишича, дирекция фаолиятининг ташкил этилиши давлат ва корпоратив харидлар очиқлиги ва шаффофлигининг зарурий даражасини таъминлаб бермаган.
Таъкидланишича, кооперацион биржа доирасида асбоб-ускуна, бутловчи мосламалар, қайта ишланган хом ашё ва материалларни шартномалар асосида, тендерларсиз харид қилинишига имкон яратиб берадиган бундай тизим «турли коррупцион ҳолатлар, шу жумладан, биржадан олдиндан белгиланган етказувчилар билан шартномалар тузиш учун фойдаланиш» учун шароитлар яратиб берган.
«Кўргазма-ярмарка тадбирларининг ўтказилиш жараёни товарлар етказилиши бўйича давлат ва корпоратив буюртмаларнинг аввало кичик бизнес субъектлари учун очиқлигининг етарли даражасини таъминламайди, бунинг оқибати ўлароқ соғлом рақобат муҳитининг ривожланишига тўсқинлик қилади», — дейилади қарорда.
Ҳужжатда, шунингдек, давлат ва корпоратив харидлар тизимини тубдан яхшилаш бўйича чоралар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазма мажмуасининг кўргазма-ярмарка фаолиятини яхшилаш бўйича таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқилиши кўзда тутилмоқда.
Изоҳ (0)