Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги мамлакатда жисмоний шахслар томонидан ўзини мудофаа қилиш мақсадида ўқотар ва бошқа турдаги жамоатчилик учун катта хавф туғдирадиган қуролларнинг харид қилинишига йўл қўйилмаслигини билдириб ўтди. Бу ҳақда UzDaily хабар бермоқда.
«Қурол тўғрисида»ги қонуннинг муҳокамаси муносабати билан жамоатчиликдан келиб тушаётган савол шарҳлар доирасида ИИВ қуйидагиларни аниқлаштириб ўтди.
Қонун лойиҳасидан кўзланган мақсад фуқаролик, хизмат ва жанговар қурол ва ўқ-дори айланмаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдир. Унинг асосий ҳолатлари қуйидагилардир:
- Қурол харид қилиш, олиб юриш ва қўллаш ҳуқуқига эга давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар категориясини аниқлаш;
- Турли давлат органлари ва ташкилотларининг фуқароларнинг ҳаётини ва соғлиғини, мол-мулкини асраш, табиатни ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш, қимматбаҳо ва хавфли юкларни ёки махсус хатларни қўриқлаш соҳасидаги мажбуриятларини бажариш чоғида маълум турдаги қуролларни тасарруф қилишдаги ваколатларини аниқ ажратиб бериш. Бунда ҳарбий тузилмалар, ҳуқуқ-тартибот органлари ва бошқа куч қурилмалари, шунингдек, айрим юридик шахслар назарда тутилади;
- Республикада жамоат учун юқори таҳдид келтириб чиқарадиган қурол турларини (травматик, пластик қурол, юқори қувватли пневматик ва газ қуроли, радиофаол нурланиш қўлланадиган қурол, биологик омиллар ва ҳ.к.) харид қилишга тақиқ ўрнатиш;
- Қурол айланмаси соҳасида фаолият юритишнинг лицензион-рухсатнома тартибини ўрнатиш, шунингдек, ваколатли давлат органларининг бу соҳадаги компетенциясини белгилаш;
- Ишлаб чиқариладиган ва олиб кириладиган қурол-яроғнинг мажбурий сертификациясини ташкил этиш, қуролни мусодара қилишнинг конкрет асосларини аниқлаш;
- Ўқ-дори экспорти-импорти, шунингдек, халқаро келишувларга мувофиқ мамлакатда вақтинчалик бўлиб турган дипломатик ваколатхоналар ва чет эл делегациялари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида олиб кириладиган қурол айланмаси тартибини белгилаб бериш.
Шундай экан, жисмоний шахслар томонидан ўзини мудофаа қилиш мақсадида ўқотар ва бошқа турдаги жамоатчилик учун катта хавф туғдирадиган қуролларнинг харид қилинишига йўл қўйилмайди, деб аниқлаштириб ўтди ИИВ.
Хусусан, фуқаролар томонидан мудофаа мақсадида ишлатилишига рухсат этиладиган қуроллар орасида газ баллончалари, механик пуркагичлар, ёш оқизувчи моддалар солинган аэрозоль ва бошқа ускуналар, шунингдек, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ишлатишга рухсат берган электрошок воситалари ва учқун зарядлари киради.
Бунда келтирилган мудофаа воситаларининг фуқаролар томонидан харид қилиниши учун ИИВ томонидан текширувлардан сўнг бериладиган махсус рухсатномалар талаб этилади.
Изоҳ (0)