Ўзбекистоннинг 6362 фуқароси Россия қамоқхоналарида турли сабабларга кўра жазо ўтамоқда. Бу ҳақда RT тайёрлаган ҳисоботда айтилди.
Ҳисоботда айтилишича, 2017 йилнинг биринчи ярмидаги ҳолатга кўра, Россияда жами 29397 нафар хорижлик фуқаро қамоқда ўтирибди.
МДҲ давлатлари ўртасида бу кўрсаткич бўйича биринчи ўринда Тожикистон — унинг 8002 фуқароси ушбу рўйхатга кирган. Иккинчи ўринда Ўзбекистон (6362 маҳбус), Украина (4761 маҳбус) ва Озарбайжон (2350 маҳбус) турибди.
«Ватандош» минтақалараро ўзбек ватандошлиги уюшмаси президенти Усмон Баратов ўзбекистонликлар орасида жиноят содир этганлар кўплигини тан олган ҳолда, уларга туҳмат қилиниши ҳам кўп учрашини таъкидлаб ўтди.
«Айримларга шунчаки жиноятни илиб қўйишади, — деди у. — Мен ҳозир Истрага кетяпман, у ерда гўёки бир онахонни зўрламоқчи бўлгани иддао қилинаётган беш нафар ўзбекистонликни қамашибди. Аёл 62 ёшди, ичкиликка муккасидан кетган, кўчада яшайди. У болалардан ароқ учун пул сўраган, наригилар бермагани учун зўравонлик ҳақида шикоят ёзиш билан таҳдид қилган».
2016 йилда 925948 нафар Ўзбекистон фуқароси Россияда ишлаш учун патент олган.
Изоҳ (0)