31 август куни футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ—2018 саралашининг 9-турида Хитой меҳмони бўлади.
ЎФФ расмий сайти учрашув Тошкент вақти билан 17:00 да старт олишига ойдинлик киритди. Бу Хитой вақтида 20:00 ни ташкил қилади.
Халқаро футбол уюшмаси ФИФА Хитой ҳамда Ўзбекистон термалари иштирокидаги ўйинни Шри-Ланка ҳакамларига ишониб топширди. Беллашув рефериси — Кришанта Дилан Перера Хеттиканканамге. Унга қанотларда ҳамюртлари Приянга Намал Паллия Гуруге ҳамда Палита Парракрама Дение Гедара кўмаклашади.
Мазкур триога Амирликлардан ташриф буюрадиган мутахассис баҳо беради. Комиссар эса Вьетнамдан етиб келади.
Марчелло Липпи мураббийлик қилаётган хитойликлар назарий жиҳатдан ЖЧ—2018 га йўл олиш имкониятини сақлаб турибди. Бу йўлда улар Ўзбекистон термасини мағлуб этиши шарт.
Томонларнинг Тошкентда ўтган биринчи ўйинида Самвел Бабаян мураббийлигидаги ўзбекистонлик футболчилар 2:0 ҳисобида зафар қучганди. Ўша учрашувдан кейин Хитой футбол федерацияси маҳаллий бош мураббийни истеъфога чиқарганди.