Футбол бўйича Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг 5-туридаги воқеа учун Хитойнинг «Гуанжоу Эвергранд» клуби ОФК томонидан жазоланди. Бу ҳақда «Championat.asia» нашри Reuters’га асосланиб маълумот берди.
Луис Фелипе Сколари бошчилик қилаётган «Гуанжоу Эвергранд» гуруҳ босқичида Гонконгнинг «Истерн» клуби билан тўқнаш келиб қолди. Томонларнинг Гуанжоуда кечган биринчи ўйинида мезбонлар 7:0 ҳисобида зафар қучганди. Бундан руҳланган хитойлик мухлислар жавоб ўйинида гонконгликларни ҳақоратловчи баннер кўтарди.
Баннерда «Британия итларини ер тишлатинг! Гонконг мустақиллиги захрини бартараф этинг!» деган сўзларни кўриш мумкин эди. Футбол сиёсий руҳдаги ҳар қандай чиқишларни қоралайди. Шундан келиб чиқиб, ОФК мухлислари учун «Гуанжоу Эвергранд» клубини жазолашга қарор қилди. Хитой клуби Чемпионлар лигасидаги икки учрашувни бўм-бўш стадионда ўтказади ва қўшимчасига ОФК ҳисоб рақамига 22,5 минг АҚШ доллари миқдорида жарима тўлайди.
Маълумот учун, Гонконг 1842 йил британияликлар томонидан эгаллаб олинган бўлиб, колонияга айланиб қолганди. 1997 йилга келиб эса Гонконг расман Хитойга қайтарилган.
Изоҳ (0)