АҚШ Конгрессидаги Демократлар вакиллари Facebook компаниясига мурожаат этиб, Россиянинг мамлакат президентлик сайловига аралашуви ижтимоий тармоқ орқали боргани ёки бормаганини кўрсатувчи маълумотларни тақдим этишни сўради. Бу ҳақда, CNN телеканалига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Айтилишича, Демократлар Дональд Трампнинг сайлови штаби Россия вакиллари билан боғланган ҳамда ижтимоий тармоқларда нотўғри ахборот чоп этиш йўли билан ўз мақсадларига эришган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Сенатнинг разведка бўйича махсус қўмитасидаги катта демократ Марк Уорнер (Виржиния штати) бир ой муқаддам Калифорнияда ижтимоий тармоқ вакиллари билан учрашув ўтказиб, Конгресс томонидан ўтказилаётган тафтиш ҳақида маълумот берган ва фойдали бўлиши мумкин ахборотни сўраган.
Демократларнинг фикрига кўра, интернетда президентликка собиқ номзод Ҳиллари Клинтон ҳақида сохта маълумотларнинг кескин кўпайиб кетиши унинг мағлубиятига сабаб бўлган асосий омиллардан биридир.
Шунингдек, улар бундай ёлғон хабарларни тарқатишга россиялик хакерлар алоқадор деб ҳисобламоқда.
Изоҳ (0)