Халқ таълими вазирининг ўринбосари Алишер Саъдуллаев Facebook’даги саҳифасида янги ташаббус билан чиқди.
«Муҳтарам Президентимиз эътироф этганларидек, яқиндагина ташкил этилган ‘Халқаро пресс-клуб’ шаффофлик ва мулоқот ўрнатиш орқали давлатимиз ривожланишига улкан ҳисса қўшмоқда.
Ушбу клуб фаолиятидан илҳомланиб, менинг ташаббусим билан Халқ таълими вазирлиги томонидан Ёшлар Иттифоқи ҳамда ‘Ёшлар’ телеканали билан ҳамкорликда янги лойиҳа иш бошлайди.
Лойиҳа Ўзбекистон илм-фан, спорт, санъат ва маданиятига оид энг илғор ғояларни оммавий узатиш ва тинглашга имкон яратиб берувчи платформа бўлиб хизмат қилади», — дейилади хабарда.
«Оддий деҳқондан тортиб вазиргача бўлган хоҳловчилар ‘Ёшлар’ телеканалида тақдимот қилишлари орқали ўзининг ибратли ғоялари, тажрибаси ва ҳикояларини омма билан баҳам кўра олади. Мисоллар: пойабзал ишлаб чиқарувчисининг бизнес фаолияти; ўқитувчи ўзи ишлаб чиққан, русийзабонларга ўзбек тилини ўрганишлари бўйича қўлланмасининг тақдимоти; шаҳар ҳокимининг ўз фаолияти давомида дуч келган ибратли, барчани ларзага соладиган ҳикояси; илмий ходимнинг ихтироси; ўлим билан олишиб тирик қолган беморнинг ташаккури; талабанинг стартуп ғояси; ўт ўчирувчисининг оиласи ва ҳаёти; доимо кулиб юрадиган боғбон маслаҳатлари; журналистнинг жасорат ҳикояси; Ўзбекистонда экстремал спорт ва бошқалар», — тушунтирди ўз ғоясини вазир ўринбосари.
Алишер Саъдуллаев ушбу ташаббус машҳур TED платформасининг ўзбекча муқобили бўлишига ишора қилди:
«Лойиҳанинг халқаро муқобили — TED (‘Ted.com’) платформасидан фарқи шундаки, унинг асосий фаолияти интернет эмас, балки телевидение канали орқали олиб борилади ва бу билан кенг омма қамрови таъминланади».
TED — АҚШдаги нотижорат жамғарма бўлиб, интернет орқали интеллектуал конференциялар уюштириш ва янги ташаббус муаллифларига ёрдам беришга ихтисослашган.
Изоҳ (0)