Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов фаолиятини Россиянинг «Ростов» клубида давом эттиради. Бу ҳақда «Бунёдкор» матбуот хизмати хабар берди.
Шомуродов «Бунёдкор» сафидан Россия Премьер-лигасига йўл олган илк футболчига айланди. Ўз вақтида клуб у ва Отабек Шукуровни «Машъал»дан 300 миллион сўмга харид қилганди. Ўтган вақт ичида Элдор Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сафида Жаҳон чемпионатида иштирок этди. 2015 йил якунларига кўра Осиёнинг энг яхши уч нафар ёш футболчиси қаторидан жой олди ва Ўзбекистон миллий терма жамоасига қадар бўлган йўлни босиб ўтди.
Ҳужумчининг «қалдирғочлар» билан шартномаси шу йил якунида ниҳоясига етиши керак эди. «Ростов» футболчини қанчага харид қилгани ва Шомуродов билан неча йиллик шартнома тузгани борасида аниқ фактлар йўқ.
Шомуродов 2,5 йиллик фаолияти давомида «Бунёдкор» учун 83 та учрашув ўтказди ва 22 та гол урди.
Маълумот учун, Россия Премьер-лигасида янги мавсум бугун — 15 июлдан старт олди ва «Ростов» чемпионатни «Урал» майдонидаги дуранг билан бошлади — 1:1. Трансфер ойнаси ҳали очиқ экани инобатга олинса, Шомуродовни бемалол рўйхатдан ўтказиш мумкин. Ростовликлар ўтган мавсумни 6-ўринда якунлаганди.
Изоҳ (0)