10–11 июль кунлари Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги делегацияси Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Абижан шаҳрида (Кот-д’Ивуар) бўлиб ўтган 44-сессиясида иштирок этди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.
2016–2017 йилларда «Таълим ва маърифат — тинчлик ва бунёдкорлик йўли» шиори остида ўтган Ўзбекистон Республикасининг ИҲТ ТИВКдаги раислиги якунлари тўғрисидаги ҳисоботдан сўнг раисликни 2017–2018 йилларда Кот-д’Ивуар Республикасига расман топшириш маросими бўлиб ўтди.
ИҲТга аъзо давлатлар делегациялари ташкилот фаолиятининг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар ҳамда сиёсий, ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар масалалар бўйича резолюциялар қабул қилди.
Ўзбекистоннинг бошқа аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган ташаббусига биноан «Самарқанд шаҳридаги Имом ал-Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг таъсис этиш тўғрисида» ва «Тошкент ислом университети қошида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилотининг (ISESCO) махсус кафедрасини ташкил этиш тўғрисида» махсус қарорлар қабул қилинди.
Бош китоб Юсуф бин Аҳмад ал-Усаймин ва ташкилотга аъзо давлатлар делегациялари раҳбарларининг нутқларида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ТИВКнинг 43-сессияси ва умуман 2016–2017 йиллардаги Ўзбекистон раислигининг муваффақиятли натижаларига алоҳида урғу берилди.
Хусусан, Ўзбекистон ташаббуси билан ИҲТ Бош котибиятида қабул қилинган қарорларни амалга оширишга хизмат қилувчи Ёшлар билан ишлаш бўйича бўлим ташкил этилди.
Кот-д’Ивуар Республикаси Президенти Алласан Драмане Уаттаранинг сессиядаги сўзлаган нутқида «Ёшлик, тинчлик ва бирдамлик дунёсида тараққиёт» Кот-д’Ивуар раислигининг шиори сифатида илгари сурилди. Ушбу шиор Ўзбекистон раислиги давридаги ташаббусларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.
44-сессия давомида ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси янги аъзоларининг сайлови бўлиб ўтди. Ўзбекистондан Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов 3 йил муддатга комиссия аъзолигига сайланди.
Кот-д’Ивуарга ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси ИҲТ бош котиби Юсуф бин Аҳмад ал-Усаймин, БАА иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит бўйича вазири Сани бин Аҳмад ал-Зейуди, Покистон бош вазири маслаҳатчиси Сартаж Азиз, Индонезия ташқи ишлар вазири Ретно Лестари Приансари Марсуди, ISESCO’нинг ташқи алоқалар ва ҳамкорлик бўйича директори Аҳмад Улд Баҳ билан учрашув ва икки томонлама музокаралар ўтказди.
Учрашувларда турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)