Британиялик нейрофизиологлар эркаклар ва аёлларнинг мияси депрессияга нега ҳар хил жавоб беришини аниқлади. Буни ушбу хасталикнинг оғир шаклларига қарши курашган чоғда инобатга олиш лозим, деб хабар беради «РИА Новости».
«Эркаклар кўпроқ доимий депрессиядан азият чекади, аёлларга эса ахён-ахёнда кайфияти бузилиши хос. Бундан ташқари, депрессиянинг ривожланиши эркакларда жиддийроқ оқибатларга олиб келади, бу оқибатлар гиёҳванд моддаларга мойиллик ва ўз жонига қасд қилиш бўлиши мумкин», — дейди Кембриж университети ходими Цзи-Ю Чуан.
Унинг сўзларига қараганда, жамоа депрессиядаги эркаклар ва аёлларнинг миясини ўрганган. Бунинг учун олимлар тахминан 30 нафар ўсмир йигит ва 100 қиздан иборат гуруҳ тўплади. Уларнинг ярми депрессиянинг оғир шаклларидан азият чекар, қолганлари эса соғлом эди. Кўнгиллилар бир қанча оддий тестлардан ўтишга рози бўлди, унинг доирасида синалувчилар экранда қисқа муддатга пайдо бўладиган сўзни ўқиши, у ижобий ёки салбий эканлигини тушуниши ва тегишли тугмани босиши лозим эди.
Бу тест одамда депрессия бор-йўқлигини текширишнинг анъанавий йўлидир — тушкунликдаги одамлар одатда соғлом индивидларга нисбатан сўзларнинг эмоционал бўёқларини аниқлашда қийналади. Тестлар давомида олимлар кўнгиллиларнинг мия фаолиятини магнит-резонанс томографи ёрдамида кузатиб борди.
Бу кузатувлар эркаклар ва аёллар мияси ишлашидаги фарқларни кўрсатди. Бу аёллар нега кўпроқ депрессияга йўлиқишини, эркакларда эса тушкунлик нега жиддийроқ оқибатларга олиб келишини тушунтиради.
Жумладан, мия пўстлоғининг турли зоналаридаги фаоллик сезиларли даражада фарқланиши кузатилди. Бундан ташқари, ўсмир йигитлар миячасидаги нерв ҳужайралари қизлардагига нисбатан бир-бири билан яхши боғланмагани аниқланди.
«Бу нима дегани? Кузатувлар депрессия йигитлар ва қизлар миясига бутунлай бошқача таъсир кўрсатишини намойиш этди. Биз ҳар бир ҳолатни инобатга олиб, тегишли даволаш методларини ишлаб чиқишимиз лозим», — хулоса қилди Чуан.
Изоҳ (0)